1

Травматология соҳасида телемедицина ривожланмоқда — ССВ

ЖАМИЯТ 15.05.2021, 16:57
Травматология соҳасида телемедицина ривожланмоқда — ССВ

Мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни амалиётда кенг қўллаш борасидаги ижобий ўзгаришлар Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.

Эътиборлиси, айни пайтда ушбу марказда 500 га яқин энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар мавжуд бўлиб, уларнинг 150 га яқини охирги йилларда сотиб олинган юқори аниқликда ишловчи МРТ, МСКТ, мобил ва стационар рақамли рентген, лаборатория ва диагностика аппаратларидир.

Бундан ташқари, марказ реанимация, анестезиология, оперблок замонавий мобил, сунъий нафас, наркоз-нафас, рентгеноскопия, жарроҳлик столи ва лампалари, қон тўхтатувчи ва бронхоскопия аппаратлари билан жиҳозланган.

2019 йилдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида телемедицина йўналиши ҳам ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунда телемедицина тармоғини жорий этиш бўйича барча марказ филиаллари билан алоқа ўрнатилган бўлиб, қолган вилоятларда ҳам уни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Шу билан бирга, вилоятлараро травматология ва ортопедия соҳаси бўйича беморларни масофавий кўриги ва маҳорат мактабларини ўтказиш учун зарур тизим йўлга қўйилган.

Марказда барча компьютерлар ягона тармоққа уланган ва зарур ҳужжатлар ушбу тизим орқали рақамлаштирилган. Шу билан бирга, тиббиёт муассасасида электрон тизим йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали беморлар онлайн навбатга ёзилиш имконига эга.

Қолаверса, қабул электрон тизим ёрдамида интерактив монитор орқали амалга оширилиб, беморлар махсус талон орқали тартиблаштирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1