26 ёшли Наргиз Исмоилова онаси Анора Исмоилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан Ўзбекистонда яшовчи қизларни Ҳиндистонга олиб бориб, уларни фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида олдиндан тил бириктиришади. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...
Анора Исмоилова Сожида Назаровани Ҳиндистон давлатига фоҳишалик билан шуғуллантириш учун жўнатиши, зарур ҳужжатлар тайёрлаши ва йўл харажатларини қоплашини айтади. Эвазига эса у Ҳиндистонга борганидан сўнг ўн кун давомида қизи Наргиз Исмоилова топиб берган мижозлар билан жинсий алоқада бўлиш шарти билан ёллайди. Сожида Назаровага Ҳиндистонда яшаши учун рухсатнома ва “Тошкент-Деҳли” йўналишдаги рейсга электрон авиачипта олиб беришади. Уни шу йўналишдаги рейс билан Ҳиндистонга юбораётганларида, Сожида Назарованинг Ўзбекистон ҳудудидан чиқишига тақиқ қўйилганлиги сабабли ўз ҳаракатларини охирига етказа олишмайди. Сўнг улар Сожидани Ўзбекистон ҳудудидан чиқиши учун қўйилган тақиқни ечиши учун яна пул берган ҳолда Ҳиндистонга боргач, йигирма беш кун давомида фоҳишалик қилиб бериши кераклигини маълум қилишган. Сожида Назарова Тошкент шаҳри аэропортида ХТБга бўлган ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилган.
Бу орада Анора Исмоилова Сабохат Жаъфарова билан танишиб қолади. Унга Ҳиндистонга бориб фоҳишалик қилиш билан шуғулланадиган қизларни топиб берса, ҳар бир қиз учун 100 АҚШ долларидан беришини ваъда қилади. Ўз навбатида Сабохат Жаъфарова она-боланинг ҳаракатлари қонунга хилоф эканлиги сабабли мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЖҚББ ходимларига мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ ходимлари томонидан Сабохат Жаъфарованинг мурожаатидаги ҳолатларни текшириб кўриш мақсадида Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халикова шартли мижоз сифатида жалб қилинади. Сабохат Жаъфарова Анора Исмоилова ва Наргиз Исмоиловани Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халикова билан учраштиради. Анора Исмоилова ва Наргиз Исмоилова доимгидек қизларга кетишлари учун ҳужжатлар тайёрлашга ва йўл харажатларига кетадиган пулларни ўзлари тўлашлари, фақат улар Ҳиндистонга боришганидан сўнг ушбу қилинган харажатлар эвазига ўн кун давомида мижозлар билан жинсий алоқада бўлишларини айтишади. Сўнг улар хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олишлари учун 300.000 сўмдан беришган. Анора Исмоилова Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халикованинг хорижга чиқиш учун биометрик паспортларини олиб, мазкур паспортларга Наргиз Исмоилова ёрдамида Ҳиндистонда яшашлари учун рухсатнома олишган. Шундан кейин Наргиз Исмоилова Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халиковани номига “Тошкент-Деҳли” йўналишдаги рейсга электрон авиачипта сотиб олишган. Чиптани Анора Исмоиловага интернет орқали юборган. Анора Исмоилова Сабохат Жаъфарова, Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халикова билан Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш биноси олдида учрашиб, уларга “Тошкент-Деҳли” йўналишидаги авиарейс билан қандай тартибда аэропорт ичкарисига кириб учиб кетишлари ва Ҳиндистонда уларни қизи Наргиз Исмоилова кутиб олишини тушунтиради. Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халиковани хорижга чиқиш учун биометрик паспортларини ва Ҳиндистонда яшашлари учун рухсатнома ҳужжатларини бермоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.
“ҲАРАКАТЛАРИМНИНГ МОҲИЯТИНИ ТУШУНИБ ЕТДИМ”
Судланувчи Наргиз Исмоилова судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...
- Ҳақиқатдан ҳам Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига борганман. У ерда мазкур давлат фуқароси бўлган шахс билан расмий никоҳдан ўтганман. Сўнг Ҳиндистонга тез-тез бориб келиб турганман. Ҳиндистонда Ўзбекистондан бориб фоҳишалик қилаётган қизларни кўп пул топаётганини кўрганимда, менда ҳам Ўзбекистондан қизларни Ҳиндистонга олиб бориб, фоҳишалик билан шуғуллантирган ҳолда пул топиш фикри пайдо бўлган. Сўнг онамга Ҳиндистонга ўз ихтиёри билан бориб, фоҳишалик қилмоқчи бўлган қизлар бўлса, уларни барча харажатларини қилиб, Ҳиндистонга олиб кетишимни, эвазига қизлар ўн кун давомида мен топиб берган олтмиш нафар мижоз билан фоҳишалик қилиб бериши лозимлиги, сўнг қизлар яримга-ярим ишлашлари мумкинлиги ҳақида таклиф берганман. Онам рози бўлган. Турмуш ўртоғим билан Ўзбекистонга борганимизда, онам Оққўрғон туманида яшовчи бир қизни Ҳиндистонга бориб фоҳишалик қилишга юбориш мақсадида топиб қўйганини айтди. Бундан ташқари онам Сабохат Жаъфарова исмли танишидан ҳам Ҳиндистонга бориб, фоҳишалик билан шуғулланувчи қизларни топиб беришни илтимос қилганини маълум қилди. Шундан сўнг онам Оққўрғон туманида яшовчи қизни уйга чақирди. Қиз билан кўришдим, қомати келишган, мижозларга ёқадиган қизлигини кўриб, уни суратга тушириб олдим. Унга ўзим билан бирга уни Ҳиндистонга барча харажатларини қоплаган ҳолда олиб кетишимни, эвазига у ерда фоҳишалик қилиб беришини айтдим. Қиз таклифимга рози бўлди. Орадан бироз вақт ўтганидан сўнг онам менга таниши Сабохат Жаъфарова икки нафар Ҳиндистонга фоҳишалик қилиш учун бормоқчи бўлган қизларни топганини айтди. Онам билан бир савдо марказига қизлар билан учрашиш учун бордик. У ерда онамнинг таниши Сабохат Жаъфарова, Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халикова билан кўришдим. Уларга ўзимни бошқа исм билан таништирдим. Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халиковага Ҳиндистонга бориш учун кетадиган барча харажатларини қоплашимни, эвазига Ҳиндистонга борганларидан сўнг ўн кун давомида олтмиш нафар мижозлар билан фоҳишалик қилиб беришлари кераклигини, сўнг яримга-ярим ишлашлари мумкинлигини айтдим. Уларга фоҳишалик қилиш учун мижозларни ва жойни ҳам ўзим топиб беришимни айтдим. Қизлар рози бўлишди. Сўнг қизларни савдо маркази ҳожатхонасига олиб бориб, турли кўринишда фотосуратга туширдим. Онам қизларни хорижга чиқиш учун биометрик паспортлари йўқлигини айтди. Онамга пул бериб, дастлаб Сожида Назаровани Ҳиндистонга юборишимни айтдим. Сўнг турмуш ўртоғим билан “Тошкент-Деҳли” йўналишидаги авиарейсда учиб кетдик. Биз учган кунга Сожида Назаровага чипта топа олмадик. Шу сабабли у бошқа куни Ҳиндистонга учиб бориши керак бўлган. Бироқ Сожида Назаровани маиший тўловлардан қарзи бўлгани боис Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ўтказишмаганини, онам унинг мажбурий ижро бўлимидан қарзини қоплаганидан сўнг юборишини айтди. Онамга бошқа кунга чиптасини сурдириб, олдимга юборишини айтдим.
Шунингдек, онамга Дилнозахон Алимова ва Шаҳноза Халиковани юборишини айтдим ва қизларни хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олишлари учун пул жўнатдим. Онам қизларни “Тошкент-Деҳли” йўналишидаги авиарейс билан юбораётганини маълум қилди. Қизларни кутиб олиш учун Деҳли шаҳри аэропортига чиқдим. Бироқ қизлар келишмади, онам ҳам қўнғироғимга жавоб бермади. Орадан бир қанча вақт ўтгач, онам қизларни Ҳиндистонга юбораётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ушлаганини билдим.
Ҳозирда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Ҳаракатларимнинг моҳиятини тушуниб етдим. Бу ҳаракатларимни бошқа такрорламайман. Ҳомиладорман, оилавий шароитини инобатга олган ҳолда енгилроқ жазо тайинлашни сўрайман.
Юқоридагилардан ташқари, судланувчи Анора Исмоилованинг айби ҳам жабрланувчиларнинг аризалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган.
Ғафур АМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:
- Наргиз Исмоилова ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б,д,е” бандлари билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, Наргиз Исмоиловага 1 йил синов муддати белгиланди.
2020 йил 20 январдаги ҳукмга кўра эса А.Исмоилова ЖК 135-моддаси 2-қисмининг “б,д,е” бандлари билан айбли деб топилган.
Баҳодир Юсупов, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси:
- Cуд мажлисида судланувчи А.Исмоилова айбига тўлиқ иқрор бўлган. А.Исмоиловага ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б,д,е” бандлари билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчининг қилмишига пушаймонлиги ва уй қамоғида сақланган 104 кун муддатини жазонинг ўталган муддатига ҳисоблаб, ЖКнинг 62-моддасига асосан А.Исмоиловага узил-кесил ўташ учун 4 йил 8 ой 16 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, А.Исмоиловага 3 йил синов муддати белгиланган.
Синов муддати мобайнида Анора Исмоиловага яшаш ва иш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриши, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш мажбуриятлари юклатилди. ЖКнинг 72-моддасининг 6 ва 8-қисмларида кўрсатилган оқибатлар тушунтирилган.






