Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда, фуқаро М.Ю. фуқаро А.ни ишончига кириб, унга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун Чилонзор туманида бўш турган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қалбаки ҳужжатларни тақдим этиб, шу орқали ер участкасида қурилиш ишлари олиб боришга рухсат берилганлигини маълум қилиб, эвазига 10 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги, шундан 3 800 АҚШ долларини қайтариб, қолган 6 200 АҚШ долларини қайтармасдан шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28,211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар, қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкалари фақат e ijro auksion савдо майдончасида электрон онлайн аукцион орқали берилади.
Агарда, Сиз ер участкаларини харид қилмоқчи бўлсангиз, new.e-auksion.uz сайтига мурожаат қилишингизни сўраймиз.