АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти Исроилга 735 миллион долларлик юқори аниқликдаги қурол-яроғ сотишни маъқуллади. Бу ҳақда daryo.uz хорижий ОАВга таяниб хабар берди.
Фаластин ўт ўчирувчилари Исроил авиазарбасидан кейин юзага келган катта ёнғинни ўчирмоқда.
Маълумотларга кўра, конгресс бу ҳақда 5 май куни — Исроил армияси ва ҲАМАС ўзаро ракета зарбаларини бошлашидан бир неча кун аввал хабардор қилинган.
Ушбу партиянинг асосий қисмини GPS технологияси асосидаги ускуналар комплектларини ташкил қилиши мумкин, улар эркин тушадиган бомбаларни бошқариладиган бомбаларга айлантириш имконини беради. Бундай комплект — Joint Direct Attack Munition (JDAM) — бомбанинг ўрта қисмига маҳкамланадиган қанотлардан ҳамда бомбага манёвр қилиш имконини берувчи бошқарилувчи «патларга» эга дум қисмидан иборат.
Расман хабардор қилинганидан кейин қонун чиқарувчиларда битимнинг амалга оширилишига қарши норозилик ҳақида резолюция бериш учун 20 кун вақт бўлади. Бу ҳужжат юридик кучга эга эмас.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилга қурол сотиш ҳақидаги қарори учун америкалик ҳамкасби Жо Байденни танқид қилди.
«Жаноб Байден, афсуски, сиз тарихни қонга беланган қўлларингиз билан ёзяпсиз. Мана шу гапни айтишга бизни мажбур қилдингиз», — деди у Анқарадаги матбуот анжуманида АҚШ маъмурияти Исроилга қурол-яроғ сотишни маъқуллагани ҳақидаги хабарларни изоҳлар экан.
Эрдўғоннинг фикрича, айни пайтда Фаластиндаги фожиадан юз ўгираётган мамлакатлар «ўз зарарига бўлғуси муаммолар уруғларини сочмоқда».





