АсосийJamiyat

Украина Савдо-саноат палатаси раиси Тошкентдаги «ТEХНОПАРК»га ташриф буюрди

'Украина Савдо-саноат палатаси раиси Тошкентдаги «ТEХНОПАРК»га ташриф буюрди'ning rasmi

Бугун пойтахтдаги «ТEХНОПАРК»  масъулияти чекланган жамиятга Украина Савдо-саноат палатаси раиси  Валерий  Король  бошчилигидаги  ишбилармон  доиралар  вакилларидан  иборат  делегация  келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

 Украина  делегацияси  таркиби  саноат  ва  ишлаб  чиқариш  корхоналари,  савдо,  фармацевтика  компаниялари  ҳамда  хусусий  тадбиркорлардан иборат.

 Меҳмонлар  «ТEХНОПАРК»нинг  саноат  ишлаб  чиқариш  салоҳияти  ҳамда  корхона  томонидан  ишлаб  чиқарилаётган  маҳсулот  турларини кўздан кечирди.

 Делегация  аъзолари  лифт  ва  эскалаторлар,  музлатгичлар,  қолип  ва  штамплар,  сув  насослари,  саноат  кондиционерлари,  шунингдек,  «Остен» бренди остидаги «ақлли» газ ҳисоблагичларини  ишлаб  чиқариш  жараёнини кузатди.

 Бундан  ташқари,  Украина  делегацияси  металл  конструкциялар  ва  сендвич  панеллар,  дераза  ва  эшиклар  учун  аксессуарлар,  панел  радиаторлар,  шунингдек,  алюминий  композит  панеллари  ишлаб  чиқариш  мажмуалари иши билан танишди.

20 май куни Тошкентда Ўзбекистон - Украина Ишбилармонлар  кенгашининг  йиғилиши,  шунингдек,  бизнес-форум  ҳамда  “В2В” шаклидаги  учрашувлар бўлиб ўтади. Тадбирлар доирасида ҳамкорликни  ривожлантириш  режалари, Украинада ўзбек маҳсулотлари ҳамда Украина  маҳсулотларининг Ўзбекистондаги кўргазмаларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади. Бизнес-форум доирасида қатор икки томонлама  шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ўзаро савдо  ҳажми  2020 йилда 449,6  миллион  долларга  етди,  бу  кўрсатгич 2019 йилга  нисбатан  (345  миллион  доллар) 130 фоизга кўпдир.

    Бошқа янгиликлар