Бухоро шаҳрида фуқарони Корея давлатига ишга юборишни ваъда қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди.
Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.О. фуқаро Ҳ.нинг ишончига кириб, уни ваколатли танишлари орқали давлат томонидан ажратилган квоталар асосида Корея давлатига ишлашга юборишга ваъда бериб, 5 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар, агарда Сиз хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишларингизни сўраймиз. Бу билан, Сиз нафақат ўз хавфсизлигингизни таъминлаган бўласиз, балки кафолатланган меҳнат шароитларига ҳам эга бўласиз", - дея огоҳлантиромқда Департамент.






