АсосийJinoyat

Фарғонада эркак хотинини рашк сабаб пичоқлаб ўлдирди ва ИИБга хабар қилди

'Фарғонада эркак хотинини рашк сабаб пичоқлаб ўлдирди ва ИИБга хабар қилди'ning rasmi

Риштон туманида рашк сабаб эр ўз хотинининг қотилига айланди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 16 май куни соат 23:30 ларда Риштон туман ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро Ш.М. келиб, турмуш ўртоғи фуқаро С.М.ни қасддан ўлдирганлигини маълум қилган.

Мазкур хабарга асосан тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи суд тиббий ва криминалистик экспертлар иштирокида кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳодиса тафсилотлари маълум бўлди. 

Аниқланишича, фуқаро Ш.М. турмуш ўртоғи С.М. билан 2019 йилнинг декабрь ойидан буён бирга яшамасдан, унинг “Достон” исмли таниши билан ишқий муносабатда бўлиб юрганлиги юзасидан низолашиб келган.

 У жорий йилнинг 16 май куни соат 23:00 ларда турмуш ўртоғи С.М. билан фарзанди 2018 йилда туғилган Ҳ.З.ни даволатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига келишиб, шифохонанинг кириш қисмидаги ҳожатхона томонга биргаликда ўтиб кетишади. Эркак рашк туфайли олдиндан ўйлаб қўйган қасд олиш режасини амалга ошириш мақсадида ўзининг ўнг оёқ қисмига боғлаб олган ошхона пичоғини олиб, турмуш ўртоғи С.М.нинг бўйин қисмини икки маротаба пичоқ билан кесиб, орқа курак қисмига икки маротаба санчиб тан жароҳати етказган.   

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаро С.М.нинг ўлимига бўйин аъзоларини чуқур санчилиб-кесилган жароҳатлари, бўйин қон-томирлари, мушаклари ва пайларини бўйин умуртқасигача кесилиши, кўкрак қафасини орқа юзаси юқори қисмидаги плевра бўшлиғига тешиб ўтувчи санчилиб-кесилган жароҳатлари натижасидаги ўткир қон йўқотиш сабаб бўлган.

 Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 17 май куни Риштон туман прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ш.М. 2021 йил 18 май куни жиноят иши бўйича ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган бўлиб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъминланади.

 

 

    Бошқа янгиликлар