1

Тадбиркорлик субъектлари рейтинги ишлаб чиқилди

ЖАМИЯТ 19.05.2021, 15:01
Тадбиркорлик субъектлари рейтинги ишлаб чиқилди

Тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган маҳсулотлар (иш, хизматлар) тўғрисида истеъмолчиларга тўлиқ ва тўғри маълумот тақдим этилаяптими, истеъмолчиларнинг шикоятларига қанчалик эътибор қаратилаяпти, тўловларни амалга оширишнинг қандай йўллари (тўлов тизимлари, Humo/Uzcard/VISA терминаллари) мавжуд? Ушбу ва бошқа бир қатор саволлар  рейтинг учун зарур бўлган маълумотларни олиш имконини берадиган анкетага киритилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълумот беришича, мазкур рейтингда чакана савдо объектлари (дўконлар, савдо мажмуалари, автосалонлар, заргарлик дўконлари ва бошқалар) ҳамда умумий овқатланиш объектлари (кафе, бистро, ресторан ва бошқалар) иштирок этади.

Ушбу рейтингни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига юклатилган.

Таъкидланишича, ўрганишларни олиб боришдан мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, истеъмолчиларнинг рейтинг иштирокчиси фаолиятини қўллаб-қувватлаш даражасини аниқлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истеъмолчилар ҳуқуқи устуворлиги таъминлаганлик даражаси тўғрисида оммабоп маълумотларни шакллантиришдан иборат.

хабарга кўра, истеъмолчилар мурожаатларининг таҳлили, асосан йирик савдо мажмуалари фаолиятидан норози бўлган шикоятлар сонининг кўплигини кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, 2020 йилда "Korzinka" супермаркетлар тармоғининг фаолияти юзасидан  дастлаб 19 та,  2021 йилнинг 4 ойида – 15 та шикоят тушган. Ўтган йилда  12 та  ва  бу йилда тушган 14 та шикоят  "Makro" тармоғига  тегишли бўлса, "HAVAS" тармоғи бўйича  эса ўтган йилда 7 та ва  жорий йилда  эса 3 та шикоят қилинган. Тадбиркорларнинг масъулиятини ошириш ва истеъмолчиларга холис баҳо бериш бўйича ишларни давом эттириш учун Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларининг  устуворлигини таъминлайдиган  хўжалик юритувчи субъектлар рейтингини жорий этмоқда.

Рейтинг биринчи навбатда тадбиркорларгна ўз фаолиятини такомиллаштириш ва қўшимча мижозларни жалб қилишга ёрдам беришга қаратилган. Шунингдек, рейтинг маълумотлари истеъмолчиларга товарларни (ишлар, хизматлар) сотиб олишда тўғри танлов қилишларига имкон беради.

ИШТИРОК ЭТИШ УЧУН НИМАЛАР ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?

Иштирок этиш учун биринчи босқичда иштирокчи томонидан анкета-сўровнома тўлдирилади. Тўлдирилган маълумотлар Агентлик томонидан ўрганиб чиқилади ва ҳар бир банд учун тегишли балл берилади. Кейинги босқичда истеъмолчиларга иштирокчиларни баҳолаш таклиф этилади, бу очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Икки босқич натижаларига кўра тўпланган баллар жамланади ва иштирокчиларнинг рейтингдаги ўрни аниқланади.

Рейтинг доимий асосда шакллантирилади ва Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилиб борилади (https://consumer.uz/).

Мазкур рейтинг ўз фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқларини устувор ҳисоблаган тадбиркорлик субъектлари ишини баҳолашнинг тўғри ва сифатли йўли бўлиб хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1