Россия Федерациясида 2021 йилнинг 1-чорагида жами 501563 та жиноят содир этилган бўлиб, шундан 9607 таси чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Россия Федерацияси ИИВ эълон қилган жиноятчилик ҳолати тўғрисидаги статистикада қайд этилишича, мамлакат ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоизга кўпайган. Жиноятларнинг 7504 таси МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич эса 11,5 фоизга камайган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-чораги давомида 3651 та ҳолатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жабрланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизга камайган. Ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ 248 та жиноят содир этилган.






