АсосийSport

Самарқандда кўзи ожизлар ўртасида шахмат турнири ўтказилди

'Самарқандда кўзи ожизлар ўртасида шахмат турнири ўтказилди'ning rasmi

Самарқандда жисмоний имконияти чекланган, кўзи ожиз ногиронлар ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги учун мусобақаси ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Унда шаҳар ва туманлардан келган 60 нафарга яқин 18-30 ёшгача бўлган шахматчи ёшлар ғолиблик учун дона суришди.

Кубок беллашувининг очилишида юртимизда ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни спортга, хусусан шахматга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, имконияти чекланган ўсмирлар ҳам меҳр- мурувватдан четда эмаслиги, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилиши эътироф этилди. Шундан сўнг мусобақага рамзий старт берилди.  

Президентимизнинг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисда”ги қарори ижросини таъминлаш, шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ёш авлод вакилларини мазкур интеллектуал ўйинга қизиқтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бошланган. Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги учун ташкил этилган мусобақада тажрибали, кучли шахматчиларга ҳаваскорлар ҳам рақиб бўлишди. Ҳар бир ўйинни қизиқарли ва муросасиз кечди. Учрашувлар шведцарча тизим бўйича ўтказилиб, спортчилар 7 та турда ўз омадини синаб кўришди. 

 Айрим иштирокчилар кўзи ожиз бўлишига қарамасдан, қалб кўзи билан кўриб, мушоҳада қилиб, дона сурди. Ҳар хил комбинациялар, ўзига хос дебютларни тўғри ташкиллаштирган шахматчилар бирин-кетин ғалаба қозонди. 

Шундай қилиб, ҳакамларнинг якуний хулосаларига кўра ўғил болалар ўртасида биринчи ўрин Шахбоз Қудратовга насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Шеҳроз Даминов, учинчи ўринни Ҳасан Рашидов қўлга киритди. 

 Қизлар ўртасида беллашувлардан сўнг Дурдона Жуманова энг кўп очко жамғариб шоҳсупанинг энг юқори поғонасини банд этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Райҳона Шаропова ҳамда Ҳабиба Омонова эгаллади. 

 Мусобақа сўнгида барча ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    Бошқа янгиликлар