Пойтахтнинг Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини амалдаги йилда 191 нафар йигит-қиз тамомлайди. Айни кунларда битирувчилар хорижнинг турли нуфузли олийгоҳларига ўқишга кириш учун топширган имтиҳонлари натижаларини бирин-кетин қўлга киритмоқда.
Жумладан, ҳозиргача мактабнинг 21 нафар битирувчиси юқори балл жамғариб, Россия, Сингапур, Жанубий Корея, АҚШ, Малайзия каби бир қатор мамлакатларнинг олийгоҳларига ўқишга қабул қилиниш имкониятини қўлга киритди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.
Қувонарлиси, улардан Мубинахон Қосимова Венгриянинг Semmelweis University (Будапешт) грант асосида ўқишга қабул қилинган бўлса, АҚШнинг Widener University стипендианти сифатида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Шунингдек, келгусида ўз тақдирини тиббиёт соҳаси билан боғлашни истаётган Мубинахон Туркиянинг BAU ҳамда КОС University ларидан бирини танлаш имконига эга.