Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда фуқаро Р. А. фуқаро О.нинг ишончига кириб, уни 3 500 АҚШ доллари эвазига танишлари орқали Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига киритиб қўйишга ваъда бериб, олдиндан 1 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Миробод тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро П.А., фуқаро С.ни танишлари орқали Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар, амалдаги қонунчиликка кўра, Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам балл тўплаган абитуриентларга ҳам оширилган тўлов-контракт тўловини тўлаш шарти билан ўқишга кириш имконияти яратилган.
Агарда ўқишга кириш учун етарли балл тўплай олмаган бўлсангиз, олий таълим муассасасига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Кириш имтихонлари бўйича бошқа имтиёзлар ҳақида шу ерда (http://lex.uz/docs/3244181) батафсил танишишингиз мумкин.