Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Ўзтрансгаз" АЖ бўлим бошлиғи Музаффар Маҳмудов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2021-2023 йилларда газтранспорт тизими самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 315 км магистрал газ қувури қуриш кўзда тутилган. Жумладан, “САЦ-II” магистрал газ қувури бўйлаб янги, узунлиги 80 км, “Газли-Когон” магистрал газ қувурида узунлиги 140 кмга тенг, шунингдек, “Янгиер-Оҳангарон” магистрал газ қувури бўйлаб 95 км узунликдаги магистрал газ қувурларини қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, 189 км узунликдаги магистрал газ қувурларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳам режалаштирилган. Ҳозирда айни йўналишдаги йирик лойиҳалардан бири, диаметри 1020 мм бўлган “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурининг II тармоғи 472-528 км участкасида яъни 56 км узунликдаги газ қувурини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Қувурларнинг 27 километри 142 та махсус вагонда Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани Олтинкўл темир йўл станциясига олиб келинди. Тез кунларда яна 29 км қувурнинг манзилга етказиб берилиши кутилмоқда. Бухоро-Урал 1-, 2- тармоқ оралиғидаги траншеяларни қазиш, қувурларни монтаж қилиш учун махсус техникалар ёрдамида ер текислаш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, "Газли-Нукус” магистрал газ қувурининг 43 км, “Газли-Когон” магистрал газ қувурининг 61 км, Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент магистрал газ қувурининг 29 км қисмини капитал таъмирлаш режалаштирилган.






