АсосийJamiyat

Бош прокуратура Андижонда депутатнинг прокурор тақдимномасига кўра депутатлик мақоми бекор қилингани сабабларини маълум қилди

'Бош прокуратура Андижонда депутатнинг прокурор тақдимномасига кўра депутатлик мақоми бекор қилингани сабабларини маълум қилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ҳақида тарқалган хабарлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.  

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура Матбуот хизмати қуйидаги маълумотларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.

Хусусан, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 3 март куни “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборилган.

Аниқланишича, “Alliance R.C.” МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 15.07.2017 йилдаги қарори билан Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, У.Юсупов кўчасида жойлашган 4.0 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.  

Бироқ, “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.  

Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган “Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи”ни сохталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.  

Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.  

Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн. сўм миқдорда зарар етказилган.  

Тергов ҳаракатлари давомида “Alliance R.C.” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати эканлиги аниқланган.  

Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш.К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, 2021 йил 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома 2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш.К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган.

Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона  ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни уни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар бериш ёхуд унинг ҳар қандай, шу жумладан процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш, прокурорлар ишларининг тўғри ташкил этилиши фақат юқори турувчи прокурор томонидан амалга оширилиши қатъий мустаҳкамланган.  

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар