Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида “Илҳом” мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида иштирок этиб, хиёбонда ҳайкаллари ўрнатилган ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиботини жонлантириш мақсадида “Илҳом” мукофотини жорий қилиш бўйича таклиф билдирган эди.
Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
“Илҳом” мукофоти шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилиши белгиланди.
Илк бор ўтказилаётган танловнинг сараш босқичи олий таълим муассасалари доирасида ўтказилди. Ушбу саралаш босқичида барча олий таълим муассасаларидан ўн мингдан ортиқ талаба-ёшлар, мураббийлар иштирок этди.
Асосий босқич республика миқёсида бўлиб ўтди. “Илҳом” мукофоти танловининг Республика босқичи учун 82 та олий таълим муассасасидан 182 та ижодий иш қабул қилинди.
Шундан, 3 та асосий ва 6 та рағбатлантирувчи мукофот учун ғолиблар сараланди.
Танлов ғолиблари 1-ўрин учун – Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган “Spark” енгил автотранспорт воситаси, махсус диплом ва статуэтка;
2-ўрин учун – 30 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка;
3-ўрин учун – 15 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка билан тақдирланди. 6 нафар рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
“Илҳом” мукофоти республика танловининг 2021 йилги ғолиб ва совриндорлари:
1-ўрин - Маликов Акром Абдуҳамидович - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети 2-босқич магистранти.
2-ўрин-Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси
3-ўрин - Шерматов Қобилжон Отақўзи ўғли - Фарғона давлат университети 3-босқич талабаси.
3-ўрин –Палимбетова Малика Жанабаевна - Қорақалпоқ давлат университети талабаси.
Рағбатлантирувчи ўрин:
* Отабоев Акбар Иноятович - Урганч давлат университети талабаси.
- Қаҳҳарова Мадина Музаффаровна - Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси.
- Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси.
- Низомов Фарход Мусо ўғли - Навоий давлат педагогика институти талабаси.
- Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Ниҳол” талабалар театр студияси жамоаси.
- Жамалова Хонзодахон Шахабиддин қизи - Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси, (марҳум)
Мазкур танлов анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб борилади.






