Халқимизда “Эр бермоқ-жон бермоқ” деган нақл бор. Қуйидаги ҳикоямиз қаҳрамони ҳам эрининг бошқа бир аёл билан яшаётганини эшитиб, ўзини қўярга жой топмади. Синглисини эргаштирганча, эри билан кундоши яшаётган хонадонга бориб, жанжал кўтарди. Вазиятга ойдинлик киритиш учун ИИБ ходими уларни ички ишлар бўлимига олиб борганда, кутилмаган воқеа рўй берди...
Жанжал кўтарилди
Тошматова Шоира (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган профилактика инспекторининг хизмат хонасида бўла туриб, ўзаро келишмовчилик натижасида юзага келган жанжал оқибатида кундоши Ёдгорова Гулноранинг юзини қўлида бўлган писка (лезвие) бўлаги билан кесиб, баданининг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлган тан жароҳати етказади.
“Эрим қизимни даволатиш учун пул бермади...”
Судланувчи Тошматова Шоира судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни баён қилди:
— Бошқа аёл билан яшаб келаётган турмуш ўртоғим Маърупов Анварга қўнғироқ қилиб, ундан касал қизимни даволатиш учун пул сўрадим. Аммо эрим менга пули йўқлигини айтди. Шундан кейин унинг уйидагилардан ёрдам сўрадим, улар ҳам менга ёрдам беришмади. Бундан жаҳлим чиқиб, тонг саҳарда синглим Гулбаҳор билан Чилонзор туманида жойлашган, эрим иккинчи хотини билан яшаётган хонадонга келдик. Синглим билан ушбу хонадон кириш эшигини тақиллатганимизда, эшикни турмуш ўртоғимнинг иккинчи хотини Ёдгорова Гулнора очди. У эрим билан бирга мени ҳақоратлаб, уйдан ҳайдади. Шундан кейин “102” рақамига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғим уйда бегона аёл билан яшаётганини маълум қилдим. ИИБ ходимлари келганларидан сўнг бирга турмуш ўртоғим Маърупов Анвар вақтинча яшаб келаётган хонадонга чиқдик. Ёдгорова Гулнора эшикни очганидан кейин яна мени ҳақоратлаб бақира бошлади. Шунда ИИБ ходимлари пастга тушиб, кутиб туришимни сўрашди. Мен пастга тушиб, уйнинг кириш йўлаги олдида ерда ётган синиқ писка (лезвие)ни кўриб қолдим. Кейин уни ердан олиб, яширдим. ИИБ ходимлари турмуш ўртоғим Анвар Маърупов, кундошим Гулнора Ёдгорова, мени ва синглим Гулбаҳорларни профилактика инспекторининг хонасига олиб боришди. У ерда тушунтириш хати ёздим. Гулнора Ёдгорова ҳам тушунтириш хати ёзаётганда жаҳлим чиққанидан ўзимни тутиб туролмай, қўлимдаги писка (лезвие) бўлаги билан унга ташланиб, юзини бир неча маротаба кесдим. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман, шуни ҳисобга олиб, менга енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.
“Тушунтириш хати ёзаётган эдик...”
Гувоҳ Анвар Маърупов судда қуйидагиларни маълум қилди:
— Гулнора Ёдгорова билан Россияда танишганман, у билан 2017 йилнинг ёзидан бери шаръий никоҳ асосида яшаб келаман. Эрталаб соат тахминан 06:30 ларда мен ижарада яшаб келаётган Чилонзор туманидаги хонадоннинг кириш эшиги тақиллади. Шаръий турмуш ўртоғим Гулнора эшикни очганида, остонада собиқ турмуш ўртоғим Тошматова Шоира синглиси ва ИИБ ходими билан турганини кўрдим. Шоира Гулнорани ҳақорат қилганига жаҳлим чиқиб, унга бақирдим. Шунда ИИБ ходими бизни хизмат хонасига боришимиз кераклигини айтди. Ҳаммамиз бориб, бўлиб ўтган воқеа юзасидан тушунтириш хати ёздик. Гулнора тушунтириш хати ёзаётганда Шоира ўрнидан туриб, унинг орқасига ўтди ва сочидан тортиб, “чиройли юзингни таниб бўлмайдиган қилиб қўяман” деб, юзини кесиб ташлади.
Жазо тайинланди
Тошматова Шоира ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топилди. Унга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Толибжон Обидов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси,
Лола Шоимова, журналист






