Бугун, 21 май куни Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо WT бўйича Осиё қитъаси учун йўлланма берувчи сўнгги лицензион турнирнинг биринчи кунги баҳслари якунига етди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Қувонарлиси, унда терма жамоамиз аъзоларидан аёллар ўртасида Нигора Турсунқулова -67 кг, эркаклар ўртасида Улуғбек Рашитов -68 кг вазн тоифасида Токио-2020 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишди.
Нигора Турсунқулова Токио-2020 лицензияси учун қатарлик Марам Фатнассига қарши баҳс олиб борди. Ҳамюртимиз жангни тўлиқ назоратида ўтказди ва якунда ғалаба қозониб, финалга чиқди. Мусобақада 1-3-ўринларни қўлга киритган спортчилар Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга чиқишарди. Камида кумуш медални нақд қилган Нигора Токио-2020 лицензиясини ҳам қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Нигора Турсунқулова ўз фаолиятида иккинчи бор Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритмоқда. У 17 ёшида Рио-2016 Олимпиадасида ҳам иштирок этган.
Шунингдек, 2018 йилги ўсмирлар Олимпиадаси совриндори Улуғбек Рашитов ҳам Токио-2020 Олимпиадасига борадиган бўлди. Бу йўлда у дастлаб Мўғулистон, сўнгра Вьетнам ва Қозоғистон терма жамоаси вакилларини мағлубиятга учратди.
Шу тариқа ёш таэквондочилари ўзларининг чиройли ғалабалари билан Янги Ўзбекистон номини янада улуғлашди.
Эртага бўлиб ўтадиган жангларда яна бир вакиламиз Светлана Осиповага (+67 кг) ҳам ёрқин ғалабалар ёр бўлиши ва Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилишини тилаб қоламиз.
Дарвоқе, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси мазкур лицензион мусобақада камида 2та йўлланма қўлга киритилишини ваъда қилишган эди ва улар бу вазифани шараф билан уддалашди. Умид қиламизки, улар эртанги баҳсларда ҳам муносиб иштирок этиб, Токио-2020га умумий ҳисобда 4та йўлланмани қўлга киритишади. Эслатиб ўтамиз, бунгача таэквондочиларимиздан Никита Рафалович ҳам Токио-2020 йўлланмасига сазовор бўлганди.










