1

Ўзбекистонда аҳолининг сувдан қарздорлиги 555,8 млрд сўмга етди

ЖАМИЯТ 22.05.2021, 10:35
Ўзбекистонда аҳолининг сувдан қарздорлиги 555,8 млрд сўмга етди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Аҳолининг ичимлик суви бўйича дебитор қарздорлиги ва тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон бўйича сувдан қарздорлик 674,1 миллиард сўмга етгани маълум қилинди.

Мавжуд қарздорликнинг 555,8 миллиард сўми аҳоли, 118,2 миллиард сўми эса юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.

«Ўзсувтаъминот» мутасаддилари иштирок этган тадбирда қайд этилишича, 2021 йилнинг биринчи чорагида электрон тўлов тизимлари орқали 39,3 миллиард сўм келиб тушган, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (22,8 миллиард сўм) нисбатан 72 фоизга ошган.

Бугунги кунда 2444 нафар назоратчи ишга қабул қилиниб, улар 2 368 та (97 фоиз) терминал ва 2 587 та (106 фоиз) термопринтер билан таъминланган.

2021 йил биринчи чорагида пул ундируви 349 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 122 миллиард сўм ёки 54 фоизга ошган. Ҳудудий корхоналар томонидан 63,5 миллиард сўм қарздорлик фуқаролик ва иқтисодий судларга тақдим қилинган.

Марказлашган ичимлик суви хизматлари мавжуд бўлган 741 та МФЙдаги шартномасиз равишда ичимлик сувдан фойдаланиб келаётган 23 343 та истеъмолчи (90 932 аҳоли) аниқланган ва улар билан «Сувтаъминот» МЧЖлар шартномалар расмийлаштиришга ҳамда 7,826 миллиард сўм ундирилишига эришилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1