1

Ижтимоий тармоқда жиззахлик фирибгарлар бухороликларни чув туширди

ЖАМИЯТ 22.05.2021, 15:23
Ижтимоий тармоқда жиззахлик фирибгарлар бухороликларни чув туширди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йил 13 февраль куни Вобкент тумани Ҳажувон маҳалласида яшовчи, фуқаро А.И. (аёл) ўзининг уяли алоқа воситаси орқали “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Зиёдашоп” онлайн савдо каналига аъзо бўлади.

Натижада ўзини мазкур канал админи деб таништирган номаълум шахс, савдо канали томонидан унга 500 минг сўм миқдоридаги пул ютуғи сертификатини ютиб олганлигини айтиб, аёлнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб алдайди. Мазкур пул ютуғини пластик карта ҳисоб рақамига ўтказиб беришини ваъда қилиб, ундан ўзи ва қудасининг пластик карта рақамларини, махфий кодларини алдов йўли билан олишга эришади. Жабрланувчининг пластик картасидан 644 минг сўм, қудасининг пластик картасидан эса 544 минг сўм пулларни ечиб олади.

Ҳолат бўйича Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Худди шундай ҳолат жорий йилнинг 4 март куни номаълум шахс, Когон тумани Чолоқи маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро М.Ш.(аёл)нинг соддалигидан фойдаланиб, телеграм ижтимоий тармоғидаги “Azizbek Normatovich” номига очилган аккаунт орқали, “Сиз, “Omad shou” гуруҳида куннинг омадли инсони бўлдингиз ва 350 минг сўм пулларни қўлга киритдингиз, табриклаймиз, “Click” ёки “Humo” электрон пул ўтказиш тизимига уланган телефон рақам ва пластик карта рақамини юборсангиз ютуқ пулларингизни ташлаб берамиз” – деган СМС хабар юбориш орқали уни алдайди. Унинг онаси фуқаро Т.Ш. номига расмийлаштирилган пластик карта махсус кодларини қўлга киритиб, картада мавжуд жами 228 минг 880 сўм пулларни ечиб олади.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Когон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва ушбу туманлар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларда умумийлик, содир этилиш усулларидаги бир хиллик кўзга ташлангач, ҳамкорликдаги кенг қамровли тезкор суриштирув ҳаракатлари ўтказилган.

Ушбу жиноят ишларининг умумий томонлари, содир этиш усул ва услублари солиштирилиб, олиб борилган тергов, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур иккала жиноятни ҳам Жиззах вилояти, Пахтакор тумани Тошкент маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро Ҳ.С. ва Жиззах вилояти Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро С.К. олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари аниқланади ва ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Ҳозирги кунда ушбу ижтимоий тармоқ фирибгарларининг бошқа шахсларга нисбатан содир қилган жиноий хатти-ҳаракатларини аниқлаш борасида дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1