1

Тошкентда 1.211.500 АҚШ долларини олиб қочган босқинчиларга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 22.05.2021, 18:36
Тошкентда 1.211.500 АҚШ долларини олиб қочган босқинчиларга ҳукм ўқилди

Тошкент шаҳар Олмазор туманида муқаддам судланган бўлишига қарамай, бундан тегишли хулоса чиқармаган беш киши 34 ёшли шериги билан босқинчилик жиноятини содир этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

Шавкат Мухамедов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига илгаридан таниш бўлган Одил Хатамовнинг йирик миқдордаги пул маблағларини Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги уйга олиб бораётганидан хабар топади. Ушбу пулларни босқинчилик йўли билан тортиб олиш мақсадида, танишлари Умаржон Ўсаров, Омад Охунов, Сарвар Адизов, Омилжон Ўктамов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиради. Бир гуруҳга бирлашиб, кечки соатда Умаржон Ўсаров бошқарувидаги машинада Олмазор туманидаги уй олдига боришади. Одил Хатамов уйга пулларни олиб келишини кутиб туришади. Одил Хатамов йиғилган пулларни қолдириб кетганига ишонч ҳосил қилишгач, тиббий ниқоб ҳамда қўлқопларни кийишиб, уй эшиги очиқлигидан фойдаланган ҳолда ғайриқонуний равишда киришади. Хонадон эгаси Адиз Сувоновнинг бўйнига пичоқ тираб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, танасининг турли жойларига уриб тепишади. Хонадаги 1.211.500 АҚШ долларини олиб, ҳодиса жойидан яширинишган. 34 ёшли Икром Мамедов эса содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар бериши мумкин бўлса-да, шерикларининг содир этган ўта оғир жинояти ҳақида лом-мим демаган.

“ИИБ ХОДИМЛАРИГА ПУЛЛАРНИ ҚАЕРДАЛИГИНИ АЙТДИМ”

Судланувчи Шавкат Мухамедов судда айбига иқрор бўлди...

- Чет эл валютасини сўмга айирбошлаб бериш билан шуғулланиб тураман. Маҳалламга нотаниш машина тез-тез келиб турарди. Айнан кимни олдига келишини аниқ билмасдим. Бу машинада келадиган кишини бир неча маротаба кузатганимда ўзи билан кўп миқдорда АҚШ долларини олиб келишини билдим. Кузатувни давом эттирдим. Одил Хатамов Олмазор туманида жойлашган уйга қўлидаги целофан пакетдаги пулларни олиб кирганини кўриб, ортимга қайтдим. Сўнг Умаржон Ўсаров, Омад Охунов, Сарвар Адизов, Омилжон Ўктамовга “бир одамни қарзи бор, шуни олиб келиш учун бирга борамиз”, дедим. Ҳаммамиз биргаликда ўша уй олдига бордик. Бироз вақт ўтганидан сўнг уй олдига Одил Хатамов келиб, уй ичидан чиққан кишига целофан пакетда пул бериб кетди. Шундан кейин шерикларимга “уй ичига кирамиз”, дедим. Ўша ердаги қўшни уйнинг томорқасидан тахта бўлакларини олдик. Биргаликда уй ичига кирганимизда хонада бир киши пул санаб ўтирганини кўрдик. Омад Охунов қўли билан Адиз Сувоновни елкасидан ушлаб, пичоқни бўйнига тираб турди. Қолганлар уйдаги пулларни олиб чиқиб кетдик. Кейин пулларни бўлишиб, тарқалдик. Уйга келиб пулларни санаб кўрганимда 203.100 АҚШ доллари чиқди. Эртаси куни 200.000 АҚШ долларини танишимга олиб бориб бериб, “бировнинг омонати, сенда туриб турсин”, дедим. Маҳаллада танишим Икром Мамедовни кўриб қолдим. Унинг аёли шифохонада даволанаётганини билиб, унга 2000 АҚШ доллари бердим. Бозорга бориб, уяли телефон аппарати ва кийим-кечак сотиб олдим. Кейин уйимга ИИБ ходимлари келиб олиб кетишди. ИИБ ходимларига жиноий йўл билан топилган пулларни қаердалигини айтдим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

Қолган тўрт нафар судланувчилар ҳам судда айбларига иқрорлик билдиришди.

“АЙБИМ ЖИНОЯТ ҲАҚИДА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАРГА ХАБАР БЕРМАГАНИМ”

Судланувчи Икром Мамедов судда қуйидагиларни баён қилди...

- Рафиқам коронавирусга чалиниб, шифохонада ётиб даволанаётганди. Маҳалладошим Шавкат Мухамедов, Умаржон Ўсаровнинг олдига бориб, қарзга пул сўрадим. Улар “бир киши машинасида кўп миқдорда валюта ташиб юрибди. Шу пулларни ўғирлайлик”, дея таклиф беришди. Валюта ташиб юрувчи машинани ҳам кўрсатишди. Маҳалладошларимга ўғирлик қилиш қўлимдан келмаслигини айтиб, рад жавобини бердим. Орадан вақт ўтиб, улар билан маҳаллада кўришганимда, “пулларни бугун ўғирлаймиз”, дейишди. Мендан такроран улар билан бирга бориш ёки бормаслигимни сўрашди, рад жавобини бердим. Орадан 5 кун ўтиб, улардан бири билан маҳаллада кўришдим. У менга “қийналиб кетаяпсан-а?” деди. Табиийки пул зарурлигидан қийналаётганимни айтдим. Сўнг менга жами 8.000 АҚШ долларини ҳадя тариқасида беришди. 2.000 АҚШ долларини аёлимнинг дори-дармонига ва ўзимнинг эҳтиёжларимга ишлатдим. Кейингина 5 киши босқинчилик жиноятини содир қилишганини билдим ва қолган 6.000 АҚШ долларини сарфлашни тўхтатдим. Босқинчилик жиноятини содир қилмаганман, бу жиноятга ҳеч қандай алоқам йўқ. Айбим жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганим. Етказилган моддий зарарлар тўлиқ қопланган. Оилавий шароитим ва оилада ягона боқувчилигимни, вояга етмаган фарзандларим борилигини, жабрланувчининг менга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олишингизни сўрайман. 

“ҚОРА НИҚОБДА 5 НАФАР ШАХС КИРИБ КЕЛДИ”

Жабланувчи Адиз Сувонов суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди...

- Одил Хатамов олдимга келиб, “танишимни омонат пуллари бор, уларни санаб бер”, деди. Унинг таклифига рози бўлдим. Уйимга 5-6 маротаба АҚШ долларини олиб келишни бошлади. Пулларни санаб, уйимда сақлаб келдим. Воқеа содир бўлган кун соат 24:00 лардан сўнг Одил бир дона қора пакетда АҚШ долларларини олиб келиб бериб, “тез қайтаман”, деди. Дарвозани эшигини қулфламасдан хонамга пулларни олиб кириб кетдим. Пулларни санаётган вақтимда хонага юзларида қора рангли тиббий ниқобда бўлган 5 нафар шахслар кириб келди. Бири қўлида бита ва пичоқ билан олдимга келиб, бўйнимдан бўғишни бошлади. Пичоқни биқинимга тираб, жим туришимни айтди. Қолганлар эса ердаги АҚШ долларларини пакетга солиб, олиб чиқиб кетишди. Чиқиб кетишаётган вақтларида юзимга тепиб, қўлидаги бита билан бир неча маротаба уриб хонадан югуриб чиқиб кетишди. Уларнинг ортидан етиб олиш мақсадида кўчага чиқдим. Улар ўтириб қочган машина қайси томонга қараб кетганини кўрдим. Сўнг Одилга қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган ҳолатни айтиб бердим. Икром Мамедовга нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ. 

Жамолиддин Нажимов, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси: 

- Шавкат Мухамедовга ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида Ш.Мухамедовга жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2019 йил 30 сентябрдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Умаржон Ўсаровга ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди. 

Омад Охуновга ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида О.Охуновга ЖИБ Зангиота туман судининг 2017 йил 18 июлдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди. 

Сарвар Адизовга ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Омилжон Ўктамовга ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида О.Ўктамовга ЖИБ Юнусобод туман судининг 2017 йил 14 августдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди

 

Бекзод Умиров, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси: 

- Икром Мамедовга ЖК 241-моддасининг 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1