1

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иш берувчи устидан шикоят қилди

ЖАМИЯТ 22.05.2021, 21:56
Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иш берувчи устидан шикоят қилди

Россия Федерациясида меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг иш берувчи устидан шикояти юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумот берди.

Келтирилишича, Россия Федерацияси Москва шаҳрида жойлашган “Монолит капитал строй” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ юртдошларимиз иш берувчи ташкилотдан норози бўлиб Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилган.

2021 йилнинг 26 апрель куни Агентлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъул ходимлари билан биргаликда воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган эди. 19 май куни Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонасида фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган.

Маълум бўлишича, қурилиш объектларида мустақил равишда, иш берувчи билан ўзаро келишув асосида иш бошлаган фуқароларга иш ҳақларининг берилиши кечиктирилган ва бу ҳолат уларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Агентлик томонидан яшаш жойисиз қолган фуқароларимиз бепул ётоқхона ва 3 маҳал овқат билан таъминланган, ишсиз қолганларга бошқа иш жойлари таклиф қилинган.

Ҳозирги вақтда 500 нафарга яқин фуқароларнинг шикоятлари асосида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш ҳақларини ундириб бериш мақсадида Москва шаҳар прокуратураси, Тергов қўмитаси ҳамда Меҳнат инспекцияларига расман мурожаат қилинган.

Шунингдек, ушбу юртдошларимизнинг 25 фоиздан ортиғи нолегал тарзда иш фаолиятини олиб борганлиги аниқланиб, Россиянинг амалдаги қонунчилиги асосида уларни легаллаштириш бўйича зарурий тавсиялар берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ҳолат юзасидан фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун доирасида иш ҳақларини ундириш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1