“Улар биздан жирканади? – Фарғонада етимларга кун берилмаяптими?” сарлавҳаси остида интернет нашрида эълон қилинган ҳолат Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар берди.
Куни кеча Қўмита раиси Б.Сайфуллаев видеолавҳадаги воқеага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимининг ўринбосари, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти мудири ва видеолавҳа муаллифи билан ушбу интернат уйида бўлиб, мурувват уйидаги бемор болалар учун яратилган шароитлар билан бевосита танишди.

Интернат 260 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 4-18 ёшдаги болалар тарбияланади. Уларга 253 нафар шифокор, ҳамшира, тарбиячи ва энагалар қарайди.
Жорий йилнинг март ойида вилоят ҳокими Х.Бозоровнинг ташаббуси билан ушбу масканни қайта реканструкция қилиш, дори-дармон ва гигиеник воситалар олиш учун 650 млн сўм маблағ ажратилган.
Сенат қўмитаси раиси интернат уйи фаолияти билан танишар экан, Юртбошимиз томонидан мурувват уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тарбияланувчиларга барча шарт-шароитларни яратиш борасидаги сиёсатлари амалда бажарилаётганининг гувоҳи бўлди.
Тарбияланувчи ёшлар билан кечган суҳбатда улар ғамхўрлик ва юксак эътибор учун тўлқинланиб гапиришган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материалга ойдинлик киритиш мақсадида шифокорлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоатчилик вакиллари ва блогерлардан иборат Ишчи гуруҳи тузилди.
Айни вақтда Ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий тармоқда мурожаат қилган фуқаронинг мурожаати қонуний ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари батафсил маълумотлар асосида эълон қилинади.






