Дунё бўйича COVID-19 қурбонлари сони 6-8 миллион кишини ташкил этади, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорининг маълумотлар ва таҳлиллар бўйича ёрдамчиси Самира Асма куни кеча ўтказган брифингда.
– Пандемия ҳозир ҳам ривожланмоқда. Пандемиядан вафот этганлар сони 6-8 миллион кишини ташкил этиши мумкин, — деди у.
ЖССТ маълумотига кўра, 2020 йил январдан 31 декабргача расман 1 миллион 813 минг 188 кишининг ўлими рўйхатга олинган. Бироқ ўтган йили COVID-19 дан вафот этганларнинг умумий сони дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3 миллион кишини ташкил этади. Гап шундаки, барча ўлимлар ҳам ҳисобга олинмаган ёки бошқа касаллик билан боғлиқ ҳолда ҳисобга олинган.
Ушбу статистикани инобатга олган ҳолда, ЖССТ экспертларининг тахминича, айни пайтда вирус туфайли вафот этганларнинг умумий сони расман эълон қилинган қурбонлар сонидан камида 2-3 баробар кўпдир.
"Бизнинг ҳисоб-китобимизча, айни пайтда 3,4 миллион киши вафот этгани ҳақида хабар берилган. Пандемия ривожланмоқда, шундай экан бизнинг ҳисоб-китобимиз ҳам ўзгариб боради. Бироқ айни дамда коронавирусдан 3,4 миллион киши қурбон бўлгани расман эълон қилинган, аммо ҳақиқий кўрсаткич расмий маълумотдан 2-3 баробар ортиқ бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу 6-8 миллион кишини ташкил этади", дея қўшимча қилди Асма.






