1

Аёлини хиёнатда айблаб, уриб-тепиб жароҳатлаган эрга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 25.05.2021, 10:21
Аёлини хиёнатда айблаб, уриб-тепиб жароҳатлаган эрга ҳукм ўқилди

41 ёшли эркак кечки соат 22:00 ларда уйида рафиқаси билан ўзаро жанжаллашиб қолишади. Оқибатда аёлини юз ва бош қисмига бир неча маротаба уриб-тепиб тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

Суд тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, аёлда ўнг томон пастки жағ бўғим ўсиғи соҳасидан синиши, бурун суяги синиб силжиши, ўнг юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, тери ости гематомаси, бош мия ёпиқ жароҳати ва чайқалиши, юз бўйин ва иккала кўз қовоқлари соҳалари қонталашлари, ўнг кўз склераси қон қуйилиши каби тан жароҳатлари мавжудлиги, бундай жароҳатлар соғлиқни 21 кундан ортиқ бўлган муддатга бузилишига олиб келадиган, ўртача оғиртан жароҳатлари тоифасига кириши аниқланган.

ҚИЛМИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН...

Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...

— Ўша куни ишдан тахминан соат 20:30 ларда уйга келдим. Уйда қизим ва ўғлим бор эди. Рафиқам эса уйда бўлмаган, қўл телефонига қўнғироқ қилганимда жавоб бермади. Тахминан соат 22:30 ларда уйга келди ва мен ётган хонага кирди. Маст ҳолатда эди, мени ҳақоратлай бошлади. Бунга чидай олмай ҳамда рафиқамнинг илгари бир неча маротаба хиёнат қилганини ўйлаб, юзига мушт туширдим, тепиб итариб юбордим. Унинг оёғида баланд пошнали туфлиси бўлгани учун ўғлим ётадиган кроват ёнига йиқилиб урилди. Сўнг бурнидан қон кела бошлади. Ёнимизга қизим ва ўғлим кириб, бизни ажратишди. Рафиқам ва болаларим биргаликда бошқа хонага чиқиб кетишди ҳамда ҳолат юзасидан “102” хизматига ҳамда тез ёрдамга қўнғироқ қилишди. Рафиқам бир неча бор менга хиёнат қилиб келгани сабабли шу жанжал юз берди. Қилмишимдан пушаймонман...

КАСАЛХОНАГА ОЛИБ БОРИБ, ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШДИ”

Судда жабрланувчитариқасида сўроқ қилинган аёл қуйидагиларни баён қилди...

— Ўша куни туғилган куним эди. Ишхонамдаги ходимлар билан бирга кафеда нишонладик. Меҳмонлар кўп бўлгани учун соат тахминан 21:50 ларда уйга қайтдим. Кайфиятим яхши эди, эрим билан анчадан буён ўртамизда бўлган хафагарчиликни йўқотиш учун у ётган хонага кирдим. Ярашиш мақсадида эдим, мени ҳақоратлаб “кўчадагилар билан бирга бўлиб келаяпсанми?” дея тухмат қила бошлади. Келиша олмаслигимизни билиб, хонадан чиқмоқчи эдим ортимдан келиб, елкамдан тортиб мушт туширди ва ўғлимнинг ётоқ кроватига йиқилдим. Ўрнимдан туриб, хонадан чиқмоқчи бўлганимда эрим яна оёғи билан бош қисмимга тўрт маротаба тепди. Ноутбук билан ҳам урди. Бу орада хонага қизим кириб қолиб, отасидан урмасликни сўради. Бироқ бунга эътибор бермай, қизимни ҳам икки қўли билан елкасига 2-3 маротаба мушти билан уриб, аралашмаслигини айтди ва ўзи хонадан чиқиб кетди. Қизим юзим қон бўлганини кўриб, тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Мени касалхонага олиб бориб, тиббий ёрдам кўрсатишди. 

Аброр САИДОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди раиси:

— Жабрланувчи аёл судланувчи эри билан ярашмагани ҳақида баён қилиб, суддан унга қонуний чора кўришни сўради.

Судланувчининг содир қилинган жиноятдаги айби иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, жабрланувчи аризаси, суд тиббий экспертизаси хулосаси ҳамда жиноят ишида мавжуд бошқа асосли далиллар билан ўз исботини тўлиқ топди.

Судланувчи ЖК 105-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу модда билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1