АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳимояси борасида батафсил маълумот берди.
Сўнги йилларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кафолатлашга ҳамда аёллар ва эркакларнинг гендер тенглигини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан:
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун
- “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун;
- “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;
- “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори;
- “Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ва бошқа яна бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилинди.
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизлар қандай ҳуқуқларга эга?
"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар:
- тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш;
- бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан судга мурожаат этганида ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНГАН.
Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қандай тартиблар мавжуд?
Ижтимоий ёрдамга ёки тиббий ҳимояга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилмоқда.
Ушбу дафтарга киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўм) миқдорда 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда кредитлар ажратилади. Бундан ташқари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.
Шунингдек қонунчиликка кўра, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг икки бараваридан тўрт бараваригача (490 минг сўмдан 980 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.






