18 май куни мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзолангани ҳақида хабар берган эдик.

Шу муносабат билан бугун, 25 май куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Ассамблеяда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб, бу жараёнда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг хизматларини алоҳида эътироф этди.
Бош Ассамблеяда Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ҳамда Жакарта-2018 (Индонезия) ПараОсиё ўйинларида юртимиз параатлетлари томонидан қўлга киритилган муваффақиятлар замирида ҳам Мухторхон Мақсудовичнинг хизматлари беқиёс бўлганлиги эътироф этилди.
Бош Ассамблеяга таклиф этилган делегатлар бир овоздан М.Ташходжаев номзодини Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси этиб сайлашди.

Шунинг билан Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади.
Маълумот учун, айни дамда 29 нафар ўзбекистонлик паралимпиячи Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишган.














