Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев "Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида"ги Конституциявий қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолади.
Бу ҳақда хабар берган депутат Расул Кушербаевга кўра, янги қонунда мамлакатдаги барча туманга бўйсунувчи шаҳарлар, қишлоқлар, поселкалар ва қишлоқ округлари маъмуриятларининг раҳбарлари (акимлар) тўғридан-тўғри аҳоли томонидан сайланиши жорий қилинмоқда. Номзодлар бирор партиядан ёки мустақил равишда илгари сурилиши мумкин.
Шундай қилиб, Қозоғистонда 2021 йилнинг иккинчи ярмидаёқ 836 та маъмурий бирликда акимларнинг тўғридан-тўғри сайлови бўлиб ўтади.
Шунингдек, парламент сайлови натижасига кўра парламентдан жой оладиган партиялар учун овоз йиғиш чегараси 7 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
Яна бир қизиқ ўзгариш бу барча даражадаги сайлов бюллетенларида "ҳаммага қарши" графаси киритилади. Яъни сайловчи ҳеч бир номзодни белгиламай, уларнинг ҳаммасига қаршиман, деган қисмни белгилаши мумкин бўлади.






