АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёз мавсумигача неча киши чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисага учраганини маълум қилди. Бу ҳақда darakchi.uz мухбири хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 май кунига қадар ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Сувда-қутқарув гуруҳлари томонидан жами 26 нафар фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга чиқишлар амалга оширилган.
Улардан 3 нафари чўмилиб, 12 нафари чўкканликда гумон қилинган, 16 нафари эҳтиётсизлик оқибатида, 1 нафари ўз жонига қасд қилиш ва 1 нафари жиноят оқибатида чўкканларга тўғри келади. Энг ачинарлиси, ушбу чўкишларнинг 14 нафари (38,5%) вояга етмаганлар ҳисобланади.
️2020 йилда жами 165 нафар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисага чиқишлар қайд этилган бўлиб, булардан 57 нафари чўмилиш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида сувда чўкиш, 40 нафари чўкишда гумон қилинганлар, 58 нафари эҳтиётсизлик оқибатида чўкиш, 6 нафари ўз жонига қасд қилиш ва 4 нафари жиноят оқибатида чўкишларга тўғри келади. Ушбу чўккан фуқароларнинг 56 нафари (34%) вояга етмаганларни ташкил қилади.
Чўмилиш мавсумида хавфсизликни таъминлаш бўйича аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларининг амалга оширилиши ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг билимларини оширишга хизмат қилиб, огоҳликка чақиришда катта ўрин тутади. Айни йўналишда 2020-2021 йилларнинг шу кунига қадар республика бўйича 419 та семинар ва 18615 та суҳбат ташкил қилиниб, 496534 та эслатма тарқатилган.






