Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 26 май куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вазир унга Шавкат Мирзиёевнинг самимий сўзлари ва эзгу тилакларини етказган. Учрашувда ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилган. Савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.
Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.