АсосийJamiyat

Тошкентда МИБ ходими икки йилда 586,4 млн. сўм пулни ўзлаштириб юборди

'Тошкентда МИБ ходими икки йилда 586,4 млн. сўм пулни ўзлаштириб юборди'ning rasmi

"Xabar.uz" сайтида “Тошкентда МИБ ходими ярим млрд. сўмни «еб юборган» экан...” сарлавҳали мақола чиқарилган эди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди ва ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни очиқлади.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қуйидаги маълумотлар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

2019 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ташаббуси билан Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси тизимида текшириш ўтказилган.  

Текширишда, МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси молия-хўжалик бўлими Депозит ҳисоб варақалари билан ишлаш гуруҳи Бектемир тумани бўйича етакчи мутахассиси Мансур Уразов 2017 йилдан 2019 йил февраль ойига қадар депозит ҳисобварағига келиб тушган, жами 586,4 млн. сўм пул маблағларини талон-тарож қилиб, ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 12 февраль куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, иш айблов хулосаси билан судга юборилган.  

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Мансур Уразов 2017 йилнинг январь ойидан 2019 йил февраль ойига қадар жами 47 та ҳолатда суд ижро варақалари асосида келиб тушган пул маблағларини ўзига бириктирилган ва жавобгарлигида бўлган электрон калит ёрдамида АТБ “Infin bank” Сергели филиали ва АТИБ “Ипотека банк” Яшнобод филиалининг “Е-bank” тизимига уланиб, электрон тўлов топшириқномаларига суд ижро ҳужжатлари асосида сохта маълумотлар киритиш йўли билан турли фуқароларнинг номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ҳисобига ўтказиб, ижро ишлари бўйича қарздорлар томонидан тўланган 596.782.195 сўм пулларни ўзлаштириш йўли билан талон торож қилган.

Бектемир тумани судининг 05.07.2019 йилдаги ҳукмига кўра, М.Уразов ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят оқибатида етказилган 596.782.195 сўм моддий зарар тўлиқ қопланган.

    Бошқа янгиликлар