АсосийJamiyat

Абитуриентлар давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилса, уларнинг тўловлари қайтарилади — ДТМ

'Абитуриентлар давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилса, уларнинг тўловлари қайтарилади — ДТМ'ning rasmi

 2019-2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза берган абитуриентлардан ундирилган 896,4 млн. сўм миқдоридаги ортиқча  пуллар  мавзуси жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати расмий баёнот берди.

Баёнотда маълум қилинишича, абитуриентлар давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилса, уларнинг тўловлари қайтарилади.

2019/2020 ўқув йили қабулида олдинги йиллар битирувчиларидан тест синови учун тўлов ундириш биринчи марта жорий этилган бўлиб, мазкур йилда абитуриентлардан ҳужжатлар қабули олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилган. 

Тўлов ундирилмайдиган тоифадаги абитуриентларнинг ҳужжатлари эса шу заҳоти қабул қилинган. Бунда тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар тоифалари ҳақидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасалар қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказларига етказилган ҳамда Давлат тест марказининг телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган.

Шундай бўлса-да, тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар томонидан ҳужжатларни топшириш жараёнида тест синови учун тўловни амалга ошириш ҳолатлари кузатилган. Бунинг натижасида 896,4 млн. сўм ортиқча тўлов амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида абитуриентларнинг аризасига асосан ортиқча тўланган 156,3 млн сўм маблағ эгаларига қайтарилган. 2021 йилнинг 25 март ҳолатига ортиқча тўланган маблағ миқдори 740,1 млн сўмни ташкил этади.

Қолган абитуриентлар тўловни қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилмаганликлари сабабли, Давлат тест марказида уларнинг тўловларини қайтариш имконияти бўлмаяпти.

Шундай бўлса-да, уларнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, нотўғри тўлов амалга оширган 3 170 нафар абитуриентнинг маълумотлари 2020 йил учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар базасидан аниқланиб, уларнинг телефон рақамларига СМС хабарномалар юборилган. Қолган 4132 нафар абитуриентнинг маълумотларига аниқлик киритиб бўлмаяпти.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Давлат тест маркази абитуриентлар томонидан нотўғри амалга оширилган тўловларнинг абитуриентларга тўлиқ ҳолда қайтарилиши тарафдори бўлиб, мазкур абитуриентлар Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилганда, уларнинг тўловлари қайтарилишини маълум қилади.

Шуниндек, мазкур тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланиши қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар