Кеча 25 май куни “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам: кафолатли, ишончли ва сифатли хизмат” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Йиғилишда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисида қарорига асосан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, мулкий шакли ва бошқарувидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши ва ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланиши белгиланди.
Республика ихтисослаштирилган марказлари учун ва алоҳида шошилинч постлари бўлмаган тиббиёт ташкилотлари учун шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар рўйхати ишлаб чиқилди ва соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 23 февралидаги тегишли буйруғига биноан тасдиқланди.
Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати ҳам тасдиқланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”га қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси тегишли идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.






