Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистонда қандай ҳолатларда сув ҳавзалари фаолияти вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, «Чўмилиш ҳавзаларини лойиҳалаштириш, жойлаштириш ва фойдаланиш санитария қоида ва меъёрлари» номли санитария қоида ва меъёрлари талаблари белгиланган. Унга кўра, сув ҳавзаларидан бактериологик текширувлар учун олинган намуналарда касаллик чақирувчи бактериялар аниқланган ҳолатларда санитария-эпидемиология тадбирлар тўлиқ амалга оширилгунга қадар иш фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бунда бассейндаги сув чиқариб ташланиб, унинг туби ва деворлари зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювилади.
Шундан сўнг ҳовузга янги сув тўлдирилади ва қайтадан бактериологик, кимёвий таҳлилларга сув намуналари олинади. Таҳлил натижаларига асосан, чўмилиш ҳовузининг иш фаолиятини давом эттиришга рухсат берилади.
Маълумот ўрнида, чўмилиш ҳавзаларида зарур талабларга риоя этилмаган ҳолларда бактерияли, замбуруғли, вирусли касалликлар юқиши мумкин.