Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари, полковник Дониёр Ташходжаевнинг бевосита ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий спорт ўйингоҳи ташкил этилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу ерда аҳоли ва ёшларга спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари билан шуғулланиш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган бўлиб, ҳудуд аҳолиси сектор бошлиғининг бу хайрли ташаббусидан бехад мамнун бўлишган.
Спорт ўйингоҳининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетган. Тадбирда иштирок этган полковник Дониёр Ташходжаев маҳалла ёшлари билан самимий мулоқот қилди. Уларга омад тилаб, спорт кийимлари, китоб жамланмалари совға қилган.
- Бу ўйингоҳ аҳоли ва маҳалла ёшлари учун доим очиқ, - деди сектор бошлиғи. - Бу ерда улар бўш вақтини самарали ўтказишади, ота-оналарнинг дам олишлари учун ҳам шароитлар бор. Спорт фарзандларимизни баркамоллик, соғлом ҳаёт сари чорлайди, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳам кескин камайишига эришилаган.
Вилоят ИИБ бошлиғи ўйингоҳда маҳалла ёшлари ўртасида ташкил этилган мусобақаларни ҳам томоша қилган.






