Хабар берганимиздек, шу кунларда пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда. Қувонарлиси, бугунги баҳсларда вакилларимиз шоҳсупага кўтарилишди.
Ҳозиргина қизлар ўртасида -71 кг вазн тоифасидаги баҳслар ўз якунига етди. Мусобақанинг “А” гуруҳида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Кумушхон Файзуллаева терма жамоамиз ҳисобига битта олтин ва иккита кумуш медаль қўшиб қўйди.
Даст кўтариш машқида ҳамюртимиз 103 кило тошни ўзига бўйсундирган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу йўналишда кумуш ва бронза медалларини 102 килолик маррани забт этган АҚШ вакиласи Оливия Ривес ҳамда россиялик Евгения Гусева қўлга киритди.
Силтаб кўтариш машқида эса Кумушхондан бироз омад юз ўгирди. У ўз чиқишини 122 кило натижа билан якунлади. Бу эса унга кумуш медални тақдим этди. Америкалик спортчи эса бу йўналишда кучлироқ эканини исботлади. Оливия Ривес қайд этган 127 кг натижа унга силтаб кўтариш ва икки курашда олтин медалларни тақдим этди.
Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати
Қизлар, -71 кг (“А” гуруҳи)
1. Оливия Ривес (АҚШ) – 229 кг (102 + 127),
2. Кумушхон Файзуллаева (Ўзбекистон) – 225 кг (103 + 122),
3. Евгения Гусева (Россия) – 222 кг (102 + 120)






