АсосийJamiyat

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади

'Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.  

Унга кўра, гематология ва онкология марказлари илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибаси асосида барпо этилган замонавий бино-иншоотларга кўчирилади.

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Чилонзор тумани Арнасой кўчасидаги замонавий биноларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилади.

2021 йил 1 сентябрга қадар янги бинода Россиянинг Д. Рогачев номидаги марказ тажрибаси асосида жарроҳлик, интенсив терапия, трансфузиология ва транспланталогия, радио диагностика, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлимлари ҳамда болалар учун таълим олиш марказлари ташкил этилади.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида янгидан барпо этиладиган бино-иншоотлар комплексига кўчирилади.

Шунингдек, қарор билан юқоридаги марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилади. Ишчи гуруҳи марказлар учун қуриладиган бино-иншоотлар комплекисининг илғор хорижий тиббиёт муассасалари тажрибаси асосида ташкил этилишига масъул ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таклифлари асосида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилмоқда ҳамда уни 2022 йил 1 январдан бошлаб мустақил марказ сифатида фаолият кўрсатиши белгиланмоқда.

Марказнинг жойлардаги вертикал фаолияти ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида Болалар гематология ва онкологияси бўлимларини ташкил этиш орқали таъминланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар