АсосийJamiyat

Ўзбекистонга Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси ташриф буюрди

'Ўзбекистонга Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси ташриф буюрди'ning rasmi

Мамлакатимизга вазир Михаил Мурашко бошчилигидаги Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси  ташрифи бошланди.  Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Делегация таркибига Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, шунингдек, академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази директори Сергей Готье ва Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ректори Сергей Лукьянов каби юқори даражадаги мутахассислар кирди.  

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар юқори даражадаги мунтазам учрашувлар билан тавсифланади. Хусусан, 2017 йилнинг апрель ойида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Россияга давлат ташрифи билан борди. Олий даражадаги музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, қатор долзарб халқаро ва минтақавий мавзулар бўйича фикр алмашилди. Ташриф давомида ҳукуматлараро, идоралараро ва корпоратив ҳужжатлар тўплами имзоланди. 2018 йилнинг октябрида эса Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан юртимизга келди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаевнинг Россия Федерациясига ташрифи икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлашнинг қатор йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Трансплантация соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди.  

Имзоланган ҳамкорлик шартномалари доирасида ҳозирда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази тиббиёт ходимлари Россиянинг академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот марказида малака оширишни бошлашди.  

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг ташрифи тиббиётнинг долзарб йўналишлари бўйича келишувларни самарали бажаришни давом эттириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ташриф давомида юқори даражадаги қатор учрашувлар, мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт муассасаларига ташрифлар режалаштирилган. Шунингдек, делегация Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети филиалининг очилишига тайёргарлик кўриш ишларини кўздан кечириш мақсадида Чилонзор тиббиёт коллежига ҳам ташриф буюради.  

Ташриф якунлари бўйича Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида шартнома имзоланиши кўзда тутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар