Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 14-ялпи мажлисида сенатор А. Соатов томонидан Сурхондарё вилояти “Сувоқава” ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли “Чиқинди сувларни тозалаш иншооти” талаб даражасида ишламаслиги сабабли чиқинди сувларни тозалашга имконияти етмасдан Амударёнинг Афғонистон билан чегара соҳилидаги қамишзорга тез-тез оқизиб юборилиши, натижада қамишзорда турли хил зарарли пашша ва чивинлар кўпайиб, шаҳар ахолиси “Пашшахўрда” ярасидан мунтазам азият чекиб келиши таъкидланган эди.
Мазкур масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, сенатор А. Соатов билан биргаликда жойига чиққан холда Сурхондарё вилояти “Сувоқава” ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли чиқинди сувларни тозалаш иншоотининг техник ва экологик ҳолати ўрганилди.
Термиз шахар оқова сув тозалаш иншоотининг самарадорлиги 50-55% ни ташкил этиб, синов лабораторияларнинг сўнгги кимёвий таҳлилларига асосан, оқавадаги муаллақ моддалар белгиланган меъёрдан 1,5 баробар, азотли нитрит эса қарийб 2 баробар ортиқ меъёрда оқизилаётганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, чиқинди сувларни тозалаш иншоотининг хаво тозалаш жихозларини таъмирдан чиқариш, автоматика қисмларини техник кўрикдан ўтказиш ва ил узатиш насосларини қайта таъмирдан чиқариш каби бир қатор муаммолар ҳам мавжудлиги, иншоотнинг ҳаво ҳайдаш ускунасига ўрнатилган 3 та двигатель ишдан чиққанлиги, ускуна суткасига ўртача 5-8 соат ишлатилаётгани аниқланди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари ва мутахассислар билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Йил якунига қадар иншоотни босқичма-босқич таъмирлаш ва янги жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилди. Ушбу дастурни бажарилиши Қўмита томонидан назоратга олинди.






