1

Хоразмдаги боғчада тарбиячининг эътиборсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса юз берди

ЖАМИЯТ 30.05.2021, 00:00
Хоразмдаги боғчада тарбиячининг эътиборсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса юз берди

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизматига куни кеча Хоразм вилояти, Урганч шаҳри фуқароси Моҳира Атаджанова томонидан фарзанди 2019-йилда туғилган Досчанов Шохжаҳон Урганч шаҳридаги “Осиё бону” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётганлиги ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг эътиборсизлиги туфайли бармоғи қаттиқ жароҳатланиб кесилиб кетганлиги ҳақидаги хабар маълум қилинди. Бу хақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, зудлик билан Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти билан боғланиб, вазият ҳақида ойдинлик киритилган.

Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи  томонидан, рўй берган ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилганда маълум бўлдики, чиндан ҳам вазият жорий йилнинг 26 апрель куни  тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисининг эътиборсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса содир этилиб, тарбияланувчига жароҳат етганини кўрган тарбиячи зудлик билан болани касалхонага етказган.

"Осиё Бону" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланиб, 35 қувватга эга, бугунги кунда 22 нафар тарбияланувчи тарбияланмоқда.

2018 – йилда ташкилотга ўз фаолиятини юритиш учун тегишли тартибда гувоҳнома берилган бўлиб, шу вақтга қадар нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бундай кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаган.

Мактабгача таълим вазирлиги, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тегишли тартибда ўрганиш тадбирлари ўтказилаётганлигини, қолаверса, содир этилган нохуш ҳолатга беэътибор эмаслигини маълум қилади.

Содир бўлган воқеа юзасидан кейинги тафсилотлар ҳуқуқ-тартибот органлари ахборот хизматлари томонидан берилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 241-сон Қарорга кўра, ушбу "Осиё Бону" нодавлат мактабгача таълим ташкилотига таълим ва тарбия фаолиятини юритиш учун лицензия берилган.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1