АсосийJamiyat

Тошкентда меҳнат миграциясидан қайтган 30 нафар фуқарога сертификатлар топширилди

'Тошкентда  меҳнат миграциясидан қайтган 30 нафар фуқарога сертификатлар топширилди'ning rasmi

Тошкент вилояти Нурафшон туманида “Тадбиркор мигрант” лойиҳаси бўйича ўқув курсларини тамомлаётган 30 нафар меҳнат мигрантига сертификатлар топширилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тошкент вилояти Нурафшон тумани ҳокимлиги, Республика Савдо-саноат палатаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари иштирок этди.

“Тадбиркор мигрант” лойиҳаси Ташқи меҳнат миграция агентлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистонда хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича методик билим ва тавсияларни беришдан иборатдир.

Ўқув жараёни Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида тажрибали бизнес тренерлар томонидан олиб борилмоқда. Ўқув курсини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Тошкент вилояти бўйича бу каби ўқув курсларига жами 340 нафар меҳнат мигранти, жумладан ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни жалб қилиш кўзда тутилган. Ўқишни битирган тингловчиларга махсус сертификатлар берилади. Келгусида уларни ўз бизнесини очиш ва ривожлантиришга амалий ёрдам бериб борилади.

Ўқув дастури бўйича курслар 14 апрель кунидан бошлаб ўтказилмоқда. Шу кунга қадар жами 55 нафар фуқаро тадбиркорликка ўқитилди.

Умуман олганда мамлакатимиз бўйича жорий йилда 4,5 минг нафардан ортиқ шу тоифадаги меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган.

Хориждан қайтган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун тижорат банклари кредитларини ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли равишда ташкил этилмоқда.

Бошқа янгиликлар