Ўзбекистонда халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган.
Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.
Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (жорий йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этган.
Маълум қилинишича, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказилмоқда. Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилмоқда.







