Наманганда қарийб ўн кун давом этган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши асосида ўтказилган 60-анъанавий Халқаро гуллар фестивали чин маънода дилларга ифор ва шукуҳ бағишлади.
Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими вилоят марказидаги муҳташам "Афсоналар водийси" тематик паркида ташкил этилди.
Фестивалнинг асосий тантаналари ўтказилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бетакрор гул кўргазмалари, турфа маданий-маърифий ва кўнгилочар дастурлар барчага завқ улашди. Нафосатдан баҳраманд бўлиш учун ўттизга яқин давлатлардан сайёҳлар Наманганга ташриф буюрди.
– Гуллар фестивалидаги бир-бирини такрорламайдиган композицияларни кўриб, очиғи ҳайратландим, – дейди Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳридан келган турист Аник Таҳир. – Бу ажойиб гуллар кишига яхши кайфият берди. Одамлар нафақат байрамларда, балки бошқа кунларда ҳам мана шундай гўзалликдан баҳраманд бўлиб туриши керак.
Анъанавий Халқаро гуллар фестивалида Поп тумани ҳокимлиги шаҳар, туман ҳокимликлари ўртасида, вилоят Қурилиш бош бошқармаси эса ташкилотлар ва бошқармалар орасида, Миллий гвардия вилоят бошқармаси "Автопарадда энг яхши гулга безатилган автомашина" сифатида, профессионал гулчи Обидхон Қодиров – "Энг яхши дизайнер гулчи" номинациялари бўйича ғолиб сифатида эътироф этилиб, “Нексия 3” автомашиналари билан мукофотланди.
Шунингдек, Жўрахон Мўминов "Энг яхши қадимий гулчи сулола", Бекзод Тоҳиров "Энг яхши ёш гулчи", олий ўқув юртлари – НамДУ, НамМҚИ, НамМТИ "Энг яхши гул композицияси" учун, Ҳусанбой Нуриддинов "Энг яхши гулчилик мактаби", Фарҳод Жўраев "Энг кўп гул етиштирган гулчи" номинациялари бўйича тақдирланиб, уларга 20 ва 15 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди.
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги яқинлашиб келмоқда. Озод ва обод, ҳур ва мустақил юртга мана шундай байрамлар ярашади. Халқаро гуллар фестивали эса ушбу санага наманганликларнинг ўзига хос туҳфаси бўлди. Зеро, поклик ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар ҳар қандай байрамнинг бебаҳо нишонасидир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.






