АсосийSport

Осиё чемпионатида ўзбекистонлик боксчилар 6 та ғалабага эришди, битта жангда ҳакамлар шубҳали тарзда ғалабани рақиб спортчисига бериб юборишди

'Осиё чемпионатида ўзбекистонлик боксчилар 6 та ғалабага эришди, битта жангда ҳакамлар шубҳали тарзда ғалабани рақиб спортчисига бериб юборишди'ning rasmi

Кеча, 31 май куни БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати ўз поёнига етди, дея хабар берди Туризс ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати. 

Мусобақанинг сўнгги кунида бирйўла 7 нафар боксчимиз қитъа чемпионлиги учун жанг қилди. Шундан 6тасида ҳамюртларимизнинг қўли баланд келган бўлса, битта жангда ҳакамлар шубҳали тарзда ғалабани рақиб спортчисига бериб юборишди. Қисқаси, Осиё боксида пешқадамлик учун бугун ҳам ўзбек-қозоқ қарама-қаршилиги давом этди. Аёллардан фарқли ўлароқ, йигитларимиз Осиё боксида ким аслида кимлигини кўрсатиб қўйишди.

Қитъа чемпионатининг финал жангларини -49 кг вазн тоифасидаги боксчилар бошлаб беришди. Унда ҳамюртимиз Нодиржон Мирзаҳмедов қозоғистонлик рақиби устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва терма жамоамизга дастлабки олтин медални тақдим этди.

-52 кг вазнли боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров эса финалда ҳиндистонлик Амит билан куч синашди. Ўз вақтида ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўстматовдан устун келган ҳинд боксчиси Зоиров қаршисида ожиз қолди. Шу тариқа Шаҳобиддин ўзининг Олимпиада ва жаҳон чемпионатидаги олтин медаллари сафига Осиё чемпионатининг бош совринини ҳам қўшиб қўйди.

-56 кг вазн тоифасида маҳоратли боксчимиз Миразизбек Мирзахалилов Осиё чемпионати финалида мўғулистонлик рақибга қарши рингга кўтарилди. Бутун жанг давомида Мирзахалилов фаоллик кўрсатган бўлса-да, якунда ҳакамлар ушбу жангда 2:3 ҳисобида мўғул боксчиси ғолиб чиқди, деган қарорга келишди. Шундай қилиб Миразизбек терма жамоамизга эркаклар ўртасида дастлабки кумуш медални тақдим этди.

-69 кг вазнли боксчимиз Бобоусмон Батуров ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонлик рақибини биринчи раунддаёқ мағлуб этди. Бунга қозоғистонлик боксчининг жароҳат олгани сабаб бўлди. Жанг тўхтатилгунга қадар Бобоусмон очколар ҳисобида олдинда бораётганлиги боис ғалаба ҳамюртимиз томонида бўлди.

-75 кг вазн тоифасида ёш ва умидли боксчимиз Саиджамшид Жафаров финалда қозоғистонлик Абилхан Аманкулга қарши жанг қилди ва ишончли тарзда ғалаба қозониб, термамиз ҳисобига тўртинчи олтинни қўшиб қўйди.

-81 кг вазнли боксчимиз Дилшодбек Рўзметов эса Осиё чемпионати финалида эронлик спортчига қарши рингга кўтарилди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Ниҳоят Осиё чемпионатини +91 кг вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов ҳамда қозоғистонлик Камшибек Конкабаев ўртасидаги жанг якунлаб берди. Азалий ва ашадий рақиблар ўртасидаги жангларда даставвал Конкабаев устун келарди. Аммо сўнгги пайтларда тарози палласи Баҳодир томонга оғди ва бугун у қаторасига учинчи бор қозоқ боксчисини финалда мағлуб этди.

Шундай қилиб Осиё чемпионатининг эркаклар ўртасидаги баҳсларини терма жамоамиз 6та олтин, битта кумуш ҳамда 3та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринда якунлашди.

    Бошқа янгиликлар