Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга Динимизнинг муносабати ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.
Маълум қилинишича, ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги учта мақсадларига етишга хизмат қилади:
- Ҳаётни сақлаш.
- Авлодни сақлаш.
- Мулкни сақлаш.
Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар мавжуд.
Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.
" – Исломда нақлиёт воситаларига алоҳида эътибор берилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда миниладиган барча уловлардан яроқли ҳолда фойдаланишга, яхши парвариш қилишга буюрганлар. Транспорт воситаси йўлга яроқли бўлиши лозим бўлганидек, уни ҳайдовчи шахс ҳам уни ҳайдашга лаёқатли бўлиши шаръан вожиб. Яъни ҳайдовчи ўзи минмоқчи бўлган транспорт воситасини ҳайдашга айни вақтда ақлан ва жисмонан лаёқатли бўлиши ҳамда керакли билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши муқаррар. Бу эса шаръан ҳаром ҳисобланади. Шунинг учун, ҳайдовчи шахснинг транспорт воситасини безарар, ўзига ҳам, бошқаларга зарар келтирмай бошқаришигатўла ишончи бўлмаса,айниқса, мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бахтсиз ҳодисаларда энг кўп айбдорлар ёш ҳайдовчилардир. Уларнинг уқувсизлиги ва тажрибасизлиги борасидаги Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги масъулият – ҳайдовчиларнинг ўқитиш тизимидаги масъулларнинг зиммасидадир. Улар ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича зиммаларидаги вазифаларини виждонан бажаришлари, етарли билим ва малакага эга бўлмаган ўқувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бермасликлари лозим. Акс ҳолда малакасиз ҳайдовчининг содир этаётган йўлбузарликларига бу дунёда ҳам, Қиёматда ҳам тегишли тарзда жавобгар бўладилар. Ҳадисда таъкидланган: “Барчангиз қўл остингдагиларга масъулсизлар” (Имом Бухорий, 2409-ҳадис).
Шунингдек, пиёдалар ҳам йўл ҳаракатида ўз ҳаётларини хатарга қўймасликлари талаб этилади. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, фақат улар бўлмагандагина эҳтиётлик билан йўл ёқасидан юришлари, йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак. Ушбу қоидаларни бузиш инсоннинг била турибўз ҳаётини хатарга қўйиши ҳисобланиб, бундай иш қилган мусулмон шариат нуқтаи назаридан гуноҳкор бўлади.
Йўл одобларидан муҳимлари – ўзаро илтифот кўрсатиш ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” деб таъкидлаган (Анъом сураси 160-оят)", – дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати маълумотида.