Давлат тест маркази бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев олий таълим муассасалариларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкинлигини маълум килди.
Таъкидланишича, кириш имтиҳонларидан воз кечиб, босқичма-босқич мактабларда олинадиган имтиҳонлар ҳисобига болаларни олий таълим муассасаларига қабул қилишни йўлга қўйиш режалаштирилган.
"Унификация бўйича қарор тегишли органга киритилган. Агар бу тасдиқланса, биз кириш имтиҳонларидан воз кечиб, босқичма-босқич мактабларда олинадиган имтиҳонлар ҳисобига болаларни ОТМларга қабул қилишни йўлга қўямиз. Масалан, тўртта вилоят танлаб олиниб, биринчи босқичда шу вилоятларда ўтказиш масаласи кўрилади. Кейинчалик қолган ҳудудларда ҳам бу амалга оширилади", — деди Фарҳод Мирзаев.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи ижодий имтиҳонлар топшириладиган йўналишлар тўғрисида маълумот берди.
- ижодий имтиҳонлар ОТМда ўтказилади, бунда имтиҳонларни онлайн кузатиб бориш учун видеокузатув мосламалари ўрнатилади;
- журналистика йўналишларида фақат ижодий имтиҳон назарда тутилмаган, яъни 2 та таълим йўналишига хос ва 3 та мажбурий фанлардан тест имтиҳонлари ташкил этилади;
- фақат педагогик таълим йўналишларига ижодий (касбий) имтиҳонлари билан биргаликда 3 та мажбурий фандан имтиҳон ўтказилиши белгиланган;
- баҳолаш мезонларига кўра барча шаклдаги имтиҳонларда энг юқори балл 280,5 этиб белгиланган.






