3 июнь куни қитъамизнинг бир қатор мамлакатларида ЖЧ-2022 саралаш ўйинларининг иккинчи босқич баҳслари старт олади.
Мазкур саралаш босқичининг муҳим учрашувларини бошқариш юртимиз ҳакамлари ва назоратчилари зиммасига ҳам юкланмоқда – ОФК бир қатор тажрибали ҳакам ва назоратчиларимизни мазкур нуфузли мусобақаларга таклиф этган.
Жумладан, ФИФА ҳаками Илгиз Танташев Баҳрайнда бўлиб ўтадиган «С» гуруҳи учрашувларида фаолият олиб боради, унга ён қанотда Андрей Сапенко ёрдам беради. «С» гуруҳида майдон эгаларидан ташқари Эрон, Гонконг ва Камбоджа давлатлари терма жамоалари ўзаро баҳс юритишади.
Яна бир ФИФА ёрдамчи ҳакамимиз Руслан Серазитдинов Қатарда ўтадиган «E» гуруҳи ўйинларида фаолият олиб боради. Бу гуруҳда мезбонлардан ташқари Бангладеш, Афғонистон ва Ҳиндистон термалари жам бўлишади.
Шунингдек, ФИФА назоратчиси Владислав Сейтлин БААга сафар этади. Бу ерда «G» гуруҳидаги Таиланд, Индонезия, Малайзия ва мезбон БАА термалари кураш олиб боришади.
Манба: УзА






