АсосийJamiyat

“Тепаси Худодан, пасти бандадан!” Президент Сурхондарёда анорчиликни ривожлантириш бўйича яхши тавсиялар берди

'“Тепаси Худодан, пасти бандадан!”  Президент Сурхондарёда анорчиликни ривожлантириш бўйича яхши тавсиялар берди'ning rasmi

Кеча 1 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига қилган ташрифи чоғида Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали олима ва талаба қизлари билан учрашди. Бу ҳақда учрашувда иштирок этган “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.

Суҳбат давомида давлат раҳбари факультет олимларидан анорчилик йўналишида мутахассис тайёрлашда қайси адабиётлардан фойдаланишлари, умуман, анорчилик бўйича Ўзбекистонда қандай дарслик ва қўлланмалар борлигини сўради. Табиийки, вилоятда анорчилик тажрибаси авлоддан авлодга ўтиб келяпти. Лекин бу тажрибалар китоб шаклда “дастуруламал” сифатида чоп этилмаган.

Шу сабабли Сурхондарё вилоятининг ўсиш нуқталаридан бири ҳисобланган анорчилик йўналишини ривожлантириш мақсадида президент баъзи тавсия ва топшириқларни берди. Жумладан:

  • Анорчилик бўйича адабиётлар, услубий қўлланмаларни чоп этиш;
  • Университетнинг анорчилик йўналишида фаолият юритувчи илмий ҳодимларига давлат грантларини ажратиш ва бу орқали уларнинг анорчилик бўйича илмий тадқиқот олиб боришларига кўмаклашиш;
  • Илмий ҳодимларни хориж давлатларида ўқитиш;
  • Аграр университети филиалига Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш бўйича бошқа ном бериб, ушбу олий таълим муассасаси фаолиятини тубдан ўзгартириш масалалари шулар жумласидан бўлди.

Қишлоқ анорчиларининг айтишларича, туманда 2016 йилгача йилига 12-13 минг тонна анор етиштирилган. Маҳсулот асосий экспорт қилинадиган Россия давлати бозорларида Озарбайжон “анорчилари” билан рақобатлаша олишмаган. Шеробод туманига томорқа ерларини суғориш учун сув келтирилиши ҳисобига анорчилик боғлари кенгайиб, ҳосилдорлик бир неча баробарга ошган. Россия бозорларида энди бемалол Озарбайжон боғбонлари билан рақобат қила олаётганлирини айтишди. Президент топшириғига кўра, агар анорчилик плантациялари 5 000 гектарга етказилса, ҳосилдорлик 150 минг тоннага етади. 

Масъулларга топшириқ бераркан, давлат раҳбари Сурхондарёда анорчилик билан бирга хурмочилик ва лимончиликни ривожлантириш зарурлигини, бунинг учун вилоят иқлими жуда қулайлиги, давлат томонидан қандай ёрдам керак бўлса берилишини, боғбон ва илмий ҳодимларга эса меҳнатдан чарчамасликларини айтиб, яхши бир мақол ҳам келтириб ўтди - “Тепаси Худодан, пасти бандадан!”

 

    Бошқа янгиликлар