АсосийJamiyat

Сурхондарёда ғалладан бўшаган ерлар аҳолига 10 йил муддатгача ижарага берилади

'Сурхондарёда ғалладан бўшаган ерлар аҳолига 10 йил муддатгача ижарага берилади'ning rasmi

Сурхондарё вилоятининг 60 та сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги маҳаллаларда “ўсиш нуқталари”ни белгилаб, уларни ривожлантириш учун иш вақтининг камида 50 фоизини маҳаллада ўтказади. “Сурхондарё мисолида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича хонадон эгаси ­– тайёрловчи корхона – қайта ишловчи ва экспортёрларни боғловчи, янги яхлит тизим яратамиз”, - деди президент вилоят ҳокимлигида давом этаётган фаоллар йиғилишида.

Бу қандай бўлади?

“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, масъуллар икки ой муддатда унумдорлиги паст бўлган ғалладан бўшайдиган майдонлардан томорқа ер эгаларига сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун ўртача 15-20 сотихдан 10 йил муддатгача ижарага беришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқади.

Маҳсулотни ким сотиб олади?

Ушбу ажратилган ерларда етиштириладиган маҳсулотларга, мева-сабзавот ва томорқа кластерлари буюртма беради.  Буюртмачилар маҳсулот етиштириш учун барча моддий ресурслар билан таъминлайди ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олади.

Бу тизим қандай ишлайди?

60 та секторнинг ҳар бирида, томорқада маҳсулот етиштирувчи хонадонларни кластерлар билан боғловчи тайёрловчи корхоналар (саралаш ва сақлаш пунктлари) ташкил этилади. Тайёрловчи корхоналар томорқа ер эгаларидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, саралаб кластерларга экспорт қилиш ва қайта ишлаш учун беради. Шунингдек, Россиядаги Ўзбекистон элчихоналари ва ваколатхоналарида Сурхондарё вилояти вакиллари фаолияти йўлга қўйилади.

Молиявий манба

Ушбу тизимни жорий қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 1 триллион сўм маблағ ажратилади.

Барча сектор раҳбарлари йил охиригача шу масалага сафарбар этилади. Ушбу ишларни вилоятда тизимли ва сифатли ташкил этилишига инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Отабек Чориев шахсан жавоб беради”, - дея топшириқ берди давлат раҳбари.

 Мавзуга доир:

 4 та туман тадбиркорлари 2024 йилгача айрим солиқлардан озод қилинади, шунингдек...

 

 

    Бошқа янгиликлар