АсосийJamiyat

ОАВ ходимлари учун Муйноқ шаҳрига медиа-тур ташкил этилди

'ОАВ ходимлари учун Муйноқ шаҳрига медиа-тур ташкил этилди'ning rasmi

Жорий йилнинг 2 июнь куни Муйноқ шаҳрида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва  технологиялар ҳудудига айланади” мавзусида ОАВ ходимлари учун Медиа-тур ташкил этилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси  Республика Ташқи ишлар вазирлиги,  Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлиги,  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши билан ҳамкорлигида ўтказилди.

Маълумки, жорий йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Кун тартибига биринчи масала сифатида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш киритилган эди.

Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган. Ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Оролбўйи Бош Ассамблея томонидан “Экологик инноватциялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.

Шу билан бирга, ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш зарурки, ўтган 4 йил ичида Президентимиз томонидан қабул қилинган аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган Фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида катта ютуқларга эришилди. 

Ушбу ҳужжатлар халқимизнинг обод турмушини таъминлаш ҳамда уларга қулай шарт-шароит яратиш, иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш,  қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, умуман, барча соҳаларни янада такомиллаштиришга муҳим асос бўлди.

Журналистлар аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар  билан танишишди. 

Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Оролбўйидаги яшаш шароити оғир бўлган Мўйноқ туманида атиги икки йилда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди.

Шунингдек, Ҳурматли Президентимизнинг 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ушбу элнинг яна бир орзуси ушалиб, Бўзатов тумани ташкил этилди. Нафақат ташкил этилди, балки бир йил ичида бутунлай ўзгача кўринишда намоён бўлди. Замонавий иморатлар, спорт иншоотлари, равон йўллар — Бўзатов халқи учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Шунингдек, энг олис ва чекка Тахтакўпир туманида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд янги қиёфа касб этди. ОАВ вакиллари ҳуддуддаги бу ўзгаришларни меда-тур доирасида гувоҳи бўлишди.

 

    Бошқа янгиликлар