АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган darakchi.uz мухбирининг хабар беришича, хотин-қизларга зўравонлик ҳолатларининг 73 фоизи уларнинг оилаларида содир этилгани аниқланган.
Зўравонликдан жабр кўрган 11 300 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
"Реабилитация марказлари орқали хотин-қизларга турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Мисол сифатида жорий йилнинг ўтган вақти давомида Марказларга мурожаат қилган 4205 нафар фуқаронинг 1 991 нафарига психологик, 1524 нафарига ҳуқуқий, 115 нафарига тиббий ёрдам берилди. 100 нафарига ҳужжатларини қайта тиклашда, 24 нафарига суд ва бошқа идораларда вакиллик, 89 тасига ҳимоя ордерини олиш, 362 тасига бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилди.
Бугунги кунга қадар зўравонликдан жабр кўрган 11 300 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 9400 та оила яраштирилди, 6658 та оиладаги низолар бартараф этилди.
2021 йилда аёлларга зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 598 та иш кўрилиб, 508 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган. Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 73 фоизи уларнинг оилаларида содир этилган.
2021 йил 1 июндан бошлаб «ҳимоя ордери» нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳам профилактик ҳисобга олинади», – дея маълумот берган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутахассислари.






